Dolzarb!

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Ўзбекистон ва Марказий Осиё: Яқин Шарқдаги жангарилар тақдири нима бўлади?

680

Жорий йилда Қозоғистон ва Тожикистон Сурия, Ироқдан ўз фуқароларини олиб келар экан, қўшни Қирғизистон бу борада ишлар олиб борилаётганини маълум қилди. Ўзбекистон ва Туркманистон эса ҳануз сукут сақламоқда.

Сурияда қарийб 8 йилдан бери давом этаётган урушда ҳукумат кучларига қарши турли жангари гуруҳлар жанг олиб бориб келишади.

Давлатдаги шиа ва суннийлар орасидаги низога, неча йилдирки, барҳам берилмайди.

2013 йилда Абу-Бакр ал-Бағдодий раҳбарлигидаги суннийлардан ташкил топган ИШИД гуруҳи Сурия ва Ироқ ҳудудларида ўзининг исломий халифатига асос солади. Жиҳод даъвати билан чиқади ва дунёнинг турли бурчакларидан мусулмонлар уларнинг сафларига қўшилишади.

Улар қаторида Марказий Осиё давлатларидан бўлган минглаб инсонлар ҳам ИШИД ва бошқа жангари гуруҳлар сафларига ёлланишади.

Бу жангарилар мазкур амалларини, ўз таъбирларида, ҳижрат, дея аташади ва мақсадларини умумиятла "зулм остидаги диндошлари"га ёрдам бериш истаги билан изоҳлашади.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистон ва Қозоғистондан Сурияга кетганларнинг сони 800-850, тожикистонликларники эса, 1900 нафар кишини ташкил этади.

Қирғизистон

Ўзбекистон ва Туркманистон бўйича аниқ расмий рақамлар мавжуд эмас.

Норасмий маълумотларда Марказий Осиё давлатларидан минглаб инсонларнинг Суриядаги жангари гуруҳлар сафларига қўшилгани айтилади.

ИШИД аввалига Суриянинг асосан шимолий ҳудудларини босиб олади ва у ерларда бир неча йил ҳукмронлик қилади.

Сўнгги йилларда президент Башар ал-Асад қўшинлари Россия ҳарбийлари кўмагида жангари гуруҳларга бой берилган минтақаларни қайта эгалламоқда.

Асосан ҳаводан берилаётган бу зарбалар натижасида нафақат жангари гуруҳ аъзолари, балки маҳаллий аҳоли ҳам ҳалок бўлаётгани маълум.

Бу ҳарбий амалиётлар оқибатида минглаб инсон, асосан аёллар ва ёш болалар бошпанасиз қолмоқда ва махсус лагерларга кўчирилмоқда. Жангари гуруҳ аъзолари - эркаклар эса ҳарбийлар тарафидан асир олинмоқда.

2018 йил ўрталарида Сурия, Ироқ ҳукуматлари ва АҚШ тарафидан дастакланувчи "Сурия Демократик кучлари" махсус баёнот билан чиқади.

Гуруҳ халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб, ўз ҳудудида асир олинган ва махсус лагерларда сақланаётган жангари гуруҳларнинг хорижий аъзоларини она Ватанларига юбориш мумкинлиги ҳақида маълум қилади.

Бу баёнотга жавобан Марказий Осиё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб Қозоғистон Сурия ва Ироқдаги фуқароларини ортга қайтариш амалиётини бошлайди.

Аёллар
Фото муаллифлик ҳуқуқиAFP

"Жусан" махсус амалиёти

Жорий йилнинг 7-9 май кунлари "Жусан-2" амалиёти воситасида Сурия ва Ироқдан 230 нафар қозоқ фуқароси Қозоғистонга олиб келинади.

Амалиёт шахсан мамлакат президенти Қосим Жўмарт Тўқаевнинг фармони асосида амалга оширилади.

Олиб келинганларнинг бу гал ҳам асосан аёллар ва ёш болалардан иборат экани айтилади.

Махсус амалиётнинг ўзи Америка Қўшма Штатлари ва "Сурия Демократик Кучлари" кўмагида амалга оширилади.

"Жусан-1" амалиёти эса, шу йил бошида амалга оширилган.

Унда ўша пайтда Қозоғистон президенти бўлган Нурсултон Назарбоев фармони асосида Суриядан 50 га яқин қозоғистонлик олиб келинади.

Бу қайтарилганларнинг аксарияти, яъни 30га яқини ҳам ёш болалар бўлишади.

Қозоғистонга олиб келингач, бу аёл ва ёш болалар махсус карантин марказларига жойлаштирилиб, шифокор ва психологлар назоратида бўладилар. Эркаклар эса, агар, ноқонуний хатти-ҳаракатларга қўл урган бўлишса, Қозоғистон қонунлари асосида жавобгарликка тортилишади.

1 миллиард долларлик дастур

Масъуллар
Фото муаллифлик ҳуқуқиCOURTESY

Минтақадаги радикализм, экстремизм ва терроризм хавфини олдини олиш мақсадида Қозоғистон 2018 йилда тўрт йиллик махсус дастур ишлаб чиққан.

Айни шу дастур доирасида турли диний оқимлар, жангари гуруҳ сафларига адашиб қўшилиб қолганларни қайта тарбиялаш ва тўғри йўлга солиш мақсадида хавфсизлик идоралари ҳамкорлигида иш олиб борувчи жамоат ташкилотларини тузган.

Улардан бири "Террорга қарши қўмита" республика жамоат бирлашмаси бўлади.

Бирлашма раҳбари полковник Аманжол Уразбаевнинг сўзларига кўра, ташкилотнинг мақсади фуқаролар, жамият ва давлат идораларининг терроризм, экстремизм, гиёҳвандлик, ноқонуний миграция ва Қозоғистон Республикасига қарши бошқа глобал таҳдидларга қарши курашишини кучайтиришдир.

"Сўнгги йилларда республиканинг турли ҳудудларида амалга оширилган террор хуружлари, фуқароларимизнинг нотўғри йўлларга кириб кетишлари оқибатида бундай жамоат ташкилотини тузиш эҳтиёжи туғилди. Бизнинг қўмитада ахборот-ташвиқот маркази, ноёб мутахассислар, умумий амалиёт шифокорлари ва катта тажрибага эга олимлар фаолият олиб боради", дейди суҳбатдошимиз.

Мазкур қўмита пойтахт Нур-Султонда жойлашган бўлиб, вилоятларда ўз ваколатхоналарига эга.

Ташкилот ходимлари жойларда радикал кайфиятдаги одамлар билан суҳбатлар ўтказишади.

У ерлардаги диний вазиятни таҳлил қилиш орқали, хавфсизлик идоралари билан биргаликда вазиятни назорат қиладилар.

Бу каби ташкилотлардан яна бири "Ҳуқуқ" жамоатчилик жамғармаси бўлади.

Жамғарма "Жусан" махсус амалиётларида Суриядан Қозоғистонга олиб келинган аёл ва ёш болалар билан ишлайди.

Жамғарма раҳбари Ольга Рыль қозоқ аёлларининг аксарияти ўз хоҳишларига қарши, эри ёки яқинининг босими остида жанг майдонига кетганини айтади.

Ольга Рыль
Фото муаллифлик ҳуқуқиCOURTESY

"Улар билан суҳбатлашар экансиз, бошидан кечирганларини эшитиб ачинасиз. Аввалига ўтмиши ҳақида гапиришни исташмайди. Уларга қўполлик қилмасдан, психолог, мутахассислар иш олиб борса, аста-секинлик билан барчасини, ўзларининг қандай орзулари борлигини айтишади. Биз уларга Ватанида ҳаётини қайта бошлашларига ёрдам берамиз. Агар, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлса, грантлар ажратамиз. Болаларини ҳам ўқишларга жойлаштиришга кўмак кўрсатамиз. Январь ойида олиб келинган аёл ва ёш болаларнинг аксарияти ташкилотимиз кўмагида ҳозир одатий, яхши ҳаётга мослашганлар", дейди ташкилот раҳбари.

Ватанига қайтган баъзи қозоқ аёлларининг оилалари улардан воз кечганликлари ҳам айтилади.

Бу инсонлар эндиликда давлат ёки жамоат ташкилотлари марказларида яшаб, мустақил ҳаёт бошлаш арафасида.

Қозоғистон экстремизм ва терроризмни олдини олиш, Сурия ва Ироқдан ўз фуқароларини олиб келиш дастурини амалга ошириш учун қарийб 1 млрд доллар ажратган. Давлат бу маблағдан мазкур дастур асосида фаолият олиб борувчи ташкилотларга танлов асосида ажратади..

Давлат шу тариқа ўз ҳудудида мавжуд ва бўлғуси террор ҳавфини олдини олишни кўзлайди.

Қозоғистон ортидан Тожикистон ҳам....

30 апрель тунда Тожикистон пойтахти Душанбе аэропортига Боғдоддан 84 тожик болаларини олиб келган махсус Ироқ учоғи келиб қўнади.

Уларнинг аксарияти ёши 1,5 - 15 оралиғида бўлган қизлар бўлиб чиқишади.

Бу болаларнинг ота-оналари ИШИД сафида жанг қилиб вафот этган ёки асирга тушган Тожикистон фуқаролари эканликлари айтилади.

Олиб келинган болакайлар шаҳар ташқарисидаги "Варзоб" дарасида жойлашган "Ҳарангон" оромгоҳига жойлаштирилишади.

Тожикистоннинг Болалар масалалари бўйича Омбудсмени Раджабмо Ҳабибуллозоданинг сўзларига кўра, оромгоҳда болаларнинг шифокорлар назоратида соғлик ва руҳий ҳолати тикланади.

"Уларни қариндошлари ўзларининг қарамоғига олиши мумкин. Агар, бундай одамлар бўлмаса, давлат болаларга ғамхўрлик қилади ва уларнинг жамият, таълимга интеграциялашуви учун барча чоралар кўрилади", деган Ҳабибуллозода журналистлар билан суҳбатда.

Тожикистон расмийлари яқин келажакда Ироқ ва Суриядаги қамоқ ва лагерларда сақланаётган бошқа фуқароларини олиб келиш бўйича музокаралар давом этаётганини айтишади.

Қирғизистон ҳаракатда

14 май куни Бишкекдаги матбуот анжуманида Суриядаги жангари гуруҳларга қўшилиб, кейинчалик асирга тушган қирғизистонликларнинг яқинлари уларни ватанга олиб келишга кўмак кўрсатишни сўраб, президент Сўўрўнбай Жээнбековга мурожат қилишган.

Улар Сурияга кетганларни Қирғизистонга олиб келиб, афв қилиб, руҳий ва ижтимоий реалибитация қилиш зарур эканини айтадилар.

"Эгизак қизларимдан бири кетган. У Туркияда 2014 йилдан бери ишлаётган эди. Кейин Сурияга борганини билдик. Узоқ вақт биздан яширди. Қизимни олиб келишга ёрдам беринглар. Боласи ҳозир 4-синфда ўқияпти. У мактабга боришдан аввал кетган", дейди оналардан бири Нуржан Давлатжонова.

Бишкекдаги "Қилим шами" нодавлат ҳуқуқ ташкилотининг раҳбари Азиза Абдирасулова Ироқ ва Суриядаги қамоқ ҳамда лагерларда ушлаб турилган қирғизистонликларни давлат томонидан қайтаришнинг бошқа механизмлари ҳам бор, деб ҳисоблайди.

Азиза Абдурасулова
Фото муаллифлик ҳуқуқиCOURTESY

"Уларни олиб келиш учун давлат тезда ҳаракат қилиши керак. БМТ, "Қизил Ҳоч" каби ҳалқаро ташкилотларга чиқиб, у ерларда сақлаб турилган фуқароларининг тақдири ҳақида билиб беришни сўраши лозим. Чунки бу ташкилотларининг уруш бўлаётган давлатларда тутқунликда бўлган одамлардан хабар олиб, ҳар икки тарафга мурожаат қилишга ҳаққи бор. Аёллар бир умрга қамалса ҳам, ҳеч бўлмаса, уларни ўлим жазосига тортилмаслигига сабабчи бўлиб қолишимиз керак. Шунингдек, у ердаги болаларнинг келажакдаги тақдири ҳақида ўйлашимиз лозим. Аёллар алданибми, ўз хоҳиши билан кетганми, нима бўлган тақдирда ҳам, улар бизнинг фуқароларимиз, уларга кўмак кўрсатишимиз керак", дейди ҳуқуқбон.

Қирғизистон Давлат Хавфсизлик Қўмитаси Ироқ ва Суриядаги фуқароларни олиб келиш бўйича бунгача ҳам ҳаракатлар қилингани, президентнинг яқинда берган топшириғи асосида бу йўналишдаги ишлар янада кучайтирилганини маълум қилди.

Ўзбекистон ва Туркманистон жим

Ўзбекистон ва Туркманистондан ИШИД жангари гуруҳи сафига қўшилган инсонлар борасида қарама-қарши маълумотлар мавжуд.

Айрим халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларида яқин-яқингача ИШИД сафларида жанг қилган Марказий осиёлик жангариларнинг аксарияти ўзбекларга нисбат бериб келинган.

Орада Яқин Шарқдаги ўзбекистонлик жангариларнинг сонини 1500 минг эканини айтган халқаро тадқиқот марказлари ҳам бўлган.

Ҳар иккала давлат ҳам ҳозирча ўз фуқароларини Сурия ва Ироқдан олиб келиш бўйича позицияларини билдиргани йўқ.

Суриядаги "Тавҳид ва Жиҳод катибаси" асосан ўзбеклардан иборат эканига ишонилади.

Бундан бошқа, Сурия ва Ироқдаги ўзбек жангариларининг яна иккита гуруҳи маълум.

Гуруҳ ҳозир Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятида фаол экани, унинг жангарилари сони бир неча юз кишини ташкил этиши айтилади.

Жорий йилнинг апрель ойида Суриядаги "Ҳаёт Таҳрир аш-Шом" гуруҳи билан бирга ҳаракат қилувчи асосан ўзбеклардан иборат "Тавҳид ва Жиҳод катибаси"га янги раҳбар тайинланганига оид хабарлар ўртага чиққан.

Ушбу гуруҳга сўнгги олти йилда ўшлик Абу Салоҳ раҳбарлик қилиб келгани маълум.

Асл исм-шарифи Сирожиддин Мухторов бўлган қўмондон ўз ихтиёри билан лидерликдан кетгани ва ўз ваколатларини "Абдулазиз" исмли шахсга топширгани айтилади.

Абу Салоҳ 2014 йилда "ал-Қоида" тармоғига байъат келтирганини эълон қилган.

Ўзбекистон матбуоти Сурия ва Ироқдан қайтган ва олиб келинган қатор собиқ жангариларга узоқ йиллик қамоқ жазолари берилгани ҳақида хабар бериб келади.



Манба: BBCUZBEK.COM


Munosabat bildirmoq


Back to the list