Dolzarb!

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Толиблар сақланадиган қамоқхона ичида - Афғонистон

369

Би-би-си 2 минг нафар Толибон жангарисини биргина бинода сақловчи Афғонистоннинг энг йирик қамоқхонасига киришга муваффақ бўлди. Бу жиҳодчилар ўзи ким ва улар Афғонистон келажагини қандай кўради?

Oгоҳлантириш: Мақоладаги айрим тасвирлар кўнгилни хира қилиши мумкин

Пойтахт Кобулнинг ташқарисида жойлашган Пули Чархий қамоқхонаси атрофи усти симтиканларга тўла деворлар билан ўралган. Кўплаб қуролли соқчилар қамоқхонани қўриқлаб туради. Бу бу ерда сақланадиган 10 минг маҳбуснинг бешдан бир қисмига яқинини Афғонистондаги исломий гуруҳ бўлмиш Толибон аъзолари ташкил этади.

Ҳибсга ташланган Толибон жангариси Мавлавий Фазел Борий ўзининг жангчи бўлиб туғилмагани, аммо қамоқда ўтган беш йилдан сўнг ҳеч қачон ўлимга ҳозиргиданда тайёр бўлмагани ҳақида гапиради.

"Ҳамма нарсадан кўнглим қолди. Ҳеч қачон бомбага тўлдирилган машинада худкушликка қўл ураман, деб ўйламаган эдим. Энди, Яратган номи билан қасам ичаманки, шундай қиламан", дейди у қатъият билан.

Муддати тугагунга қадар Борий ўта қаттиқ қўриқланувчи қамоқхонада сақланади. Бироқ Афғонистон ҳукумати Пули Чархий дохил бир қанча қамоқхоналардан Толибон маҳбусларни ақл бовар қилмас сонда озод қилмоқда. Ҳукумат бу йўл билан боши берк кўчага кириб қолган тинчлик музокараларини жонлантиришдан умид қилмоқда.

Толибон узоқ вақтдан бери ўзининг 1996-2001 йиллар ўртасида Афғонистонда ҳукмрон бўлган Исломий Амирликни қайта тиклашни мақсад қилиб келади.

АҚШ етакчилигидаги халқаро кучлар 2001 йилда Толибон ҳукуматини қудратдан ағдариб ташлаганидан бери Афғонистонда юз минглаб одамлар ҳалок бўлган. Уларнинг ўн минглабини тинч аҳоли ташкил этади.

Пулий Чархий қамоқхонасига ташрифимиз давомида Толибон маҳбуслар ўз мақсадлари ва дардлари борасида очиқ гапиришдан тортинмадилар, аммо улар ўзларининг маълум бир ишлари тўғрисида суҳбатлашишга у қадар рўйхушлик билдирмадилар.

Лекин биз Мавлавий Фазел Борийнинг бундан 15 йил аввал Толибонга қўшилгани ва Ҳелманд вилоятида афғон ҳамда халқаро қуролли кучларга қарши курашиб, ҳудудда жангарилар гуруҳига раҳбарлик қилганидан хабардормиз.

Mawlawi Fazel Bari (right) with another Taliban prisoner
Image captionМавлавий Фазел Борий - имом

Борийнинг кичиккина камерасидаги эркакларнинг бари Толибон аъзолари. Айрим эркаклар коридорга чиқишга навбатда турадилар, бошқалар эса ўзларининг уч қаватли баланд ётоқ жойларидан пастга тикилиб хаёл сурадилар. Ёши ўтиб қолган маҳбуслардан бири эса бир нималарни пичирлаб, қўлидаги тасбеҳни тинмай айлантиради.

Полга қип-қизил гилам ва кўрпачалар тўшалган, тўрт деворга эса Макка ва Мадина шаҳарлари тасвирланган суратлар илиб ташланган.

Маҳбуслар камерани гўё жаннат каби безашга интилганлар. Бу уларнинг жиҳод вақтида шаҳид бўлган шахс тўғри жаннатга тушади, деган ишончини ўзида акс эттиради.

Деворларга ўйиб ишланган токчаларга эса Қуръон ва Ислом динига оид бошқа адабиётлар уйиб ташланган.

Борий ибодат қилишни бошлаганда, барчанинг кўзи унга қадалади. Атрофдагилар диний билими юқори, деб ҳисоблаб, уни ниҳоятда қадрлайдилар.

«Сизга бир нарсани айтаман - Афғонистонда бир хорижий аскар қолса ҳам, тинчликни қарор топтиришнинг имкони йўқ», дейди у.

Толибон Афғонистонда Осама Бен Ладен ва унинг террорчи ташкилоти бўлмиш ал-Қоидага бошпана беришда айбланган эди. Бундан 19 йил аввал бошланган Толибон ва АҚШ етакчилигидаги халқаро кучлар ўртасидаги тўқнашув Америка тарихидаги энг узоқ давом этган урушга айланган.

Posters in Bari's cell, Pul-e-Charkhi prison
Image captionМадина акси

АҚШ президенти Доналд Трамп шу йилнинг сентябрь ойида Толибон билан сулҳ тузишга эришадигандек туйилган эди. Бироқ жаноб Трамп Кобулда АҚШ аскари дохил 12 ҳарбийни ҳаётдан олиб кетган портлаш учун масъулиятни бўйнига олиши ортидан Толибон билан кечаётган тинчлик музокараларини тўсатдан бекор қилди.

АҚШ Афғонистонда ҳозирда ҳам 13 минг аскари бор эканини таъкидлайди. Тинчлик сулҳининг қораламасидан Америка аскарлари сонини қисқартириш ҳам ўрин эгаллаган эди. Толибон билан сулҳ имзоланганда, биринчи беш ой ичида америкалик аскарлар сони 8,600 нафарга туширилиши кўзланган эди.

Бундан ташқари жаноб Трамп 2016 йилда ўтган президентлик сайлови кампанияси давомида АҚШнинг Афғонистондаги урушига чек қўйишга сўз берган эди.

Бироқ кўплаб танқидчилар Афғон ҳукуматининг иштирокисиз келишилган сулҳ мамлакатни бетартиблик ичида қолдиради, дейди.

Talib prisoner in Pul-e-Charkhi prison

Қамоқхонанинг Олтинчи биноси, худди, Толибон ҳудудига ўхшаб кетади. Узундан узун коридорлар бемалол соқол олаётган, душ қабул қилаётган, овқат пишираётган Толибон маҳбусларига тўлиб тошган.

Борийнинг камерадошлари бир вақтлар оддий афғонлар бўлган. Собиқ ўқитувчи, фермер, савдогар ва ҳайдовчи бўлган бу инсонлар Толибонга алоқадор бўлишда айбдор топилган, уларнинг гарданига Толибон фойдасига аҳолидан солиқ йиғиб олиш, оддий аскар бўлиш ва бомба ўрнатиш каби айблар юклатилган.

Борий каби ёши улуғ маҳбуслар қамоқхонадаги кундалик тартибни белгилаб берадилар, намозга бошчилик қиладилар, ёшларга Исломдан дарс ўтадилар.

Тонг отгандан кун ботганга қадар маҳбуслар асосан намоз ўқиш, Қуръон мутолаа қилиш билан ўтказадилар. Таом пайтида эса мавзу сиёсатга ўзгаради.

Маҳбусларнинг кўпчилиги ҳаво ҳужумларидан дарғазаб бўлиб, ўч олиш мақсадида Толибонга қўшилганини айтади.

"Америкаликлар қишлоғимга ҳаводан ҳужум қилганда [бундан 15 йил муқаддам - таҳр.], қўшним ва унинг икки аёли ҳалок бўлган, лекин энг кенжа ўғИ Раҳматуллоҳ омон қолган", сўзлайди Борий.

"Мен у Болани асраб олганман, таълим олишига кўмаклашганман. У ҳар сафар тикучар овозини эшитганда, улар мени ўлдиргани келди, дея мен томон қараб югурар эди".

Борий кўплаб «масжидларнинг вайрон бўлгани, аёллар ва болаларнинг ўлдирилганига гувоҳ бўлгани» учун ҳам урушга қўшилгани ҳақида гапиради.

Толибон ҳибсхонасидаги бошқа ёши улуғ маҳбус - Мулла Султон - ўзи гувоҳ бўлган «ёвузликлар»га қарши курашишни истаганини айтади.

Mullah Sultan (left)
Image captionМулла Султон шариат тарафдори

«Афғон сифатида босқинчиларни қабул қилмайман, дея ўз овозимни кўтаришни ҳуқуқим ўлароқ билганман», дейди у.

Ўтган ўн йил ичида Афғонистондаги хорижий қўшинлар сони камайган бўлсада, тартибсиз амалга оширилган ҳаво ҳужумлари ошган ва бунинг оқибатида кўплаб тинч фуқаролар қурбон бўлган.

БМТ маълумотларига кўра, 2019 йилнинг биринчи ярмида одамлар Толибондан кўра Афғон ва АҚШ бошчилигидаги қуролли кучлар қўлида кўпроқ ҳалок бўлган.

Бироқ Толибон ҳам бу масалада бегуноҳ эмас, таъкидлайди БМТ.

Асосан ёшларни ўз сафига жалб этишга интилувчи Толибон даъватчилари қамоқхоналарда ҳам маҳбусларнинг қалбидаги яралардан фойдаланган ҳолда, уларнинг «душманлар»га бўлган нафратини янада оловлантиришга ҳаракат қилади.

Борий каби маҳбуслар орасида етакчига айланган шахслар юқори мартабали раҳбарлар, ҳатто, Толибоннинг олий етакчиси Ҳибатуллоҳ Охунзодадан ҳам кўрсатма олишига ишонилади. Сўнг улар бу кўрсатмалар асосида маҳбусларни «тарбиялайдилар».

АҚШ билан бўлиб ўтган тинчлик музокаралари тўғрисидаги хабарлар ҳам маҳбуслар орасида яшин тезлигида тарқалган.

«Биз хорижликлар ҳолдан тойганини яхши биламиз», сўзлайди Мулла Султон.

«Улар яқин орада таслим бўлиб, ортига қайтиб кетишига ишонамиз. Ва биз, афғонлар, шариат асосида яшай бошлаймиз», қўшимча қилади у.

Толибон маҳбуслар бошқа маҳкумлардан кўра кўпроқ имтиёзлар ва эркинликка эгадек туйилади. Улар ўз кун тартибини ўзи белгилайди, қамоқхонадаги мадрасани бошқаради, шунингдек, яхшироқ тиббий ва ҳуқуқий хизматдан фойдаланиш имконига эга.

Бирдамлик ва етакчига сўзсиз бўйсуниш кайфияти Толибон маҳбусларга қамоқхонада кенг таъсир доирасига эга бўлишга замон яратган.

Айрим пайтларда, толиблар Пули Чархий қамоқхонасининг бутун маҳбуслари номидан гапиради ҳам. Қамоқхона соқчилари ҳам уларни якдил гуруҳ ўлароқ кўради.

Толибон аъзоси бўлмиш яна бир ёши ўтган маҳбус Мавлавий Маъмур «биз бир-биримизнинг ҳаққимиз учун жонимизни қурбон беришга тайёрмиз», дея таъкидлайди.

Соқчилар эса Толибон маҳбуслар билан муроса қилишларини билдирадилар.

"Ёши катта Толибон маҳбуслар билан анча яхши ҳамкорлик ўрнатганмиз", маълум қилади 28 яшар соқчи Раҳмуддин.

«Баъзида маҳкумлар сони 2 минг нафарга етади. Бундай вақтларда вазиятни назоратда сақлаш учун ҳам ҳамкорлик зарур».

Аммо Толибон маҳбуслар Пули Чархийда мунтазам тартибсизликлар уюштириб келиши қамоқхона маъмурияти билан алоқа доим ҳам муросали эмаслигидан дарак беради.

Маҳбуслар Би-би-сига қамоқхонадаги паст сифатли тиббий хизмат ва ноинсоний муомала каби оғир шароитларга норозилик ўлароқ ўз лабларини тикиб ёки оғизларига велосипед ғилдираги кегайларини ўтказиб олиб тез-тез очлик намойиши ўтказишларини айтиб бердилар.

Бундан ташқари толиблар соқчиларга ҳужум қилгани, ҳатто, қамоқхонанинг бир қисмини эгаллаб олгани тўғрисида ҳам хабарлар мавжуд. Би-би-си Афғонистон Ички ишлар вазирлигидан бу хабарларни тасдиқлашни сўраб, мурожаат қилди, лекин ҳеч қандай жавоб олишнинг имкони бўлмади. Шунга қарамай, Би-би-си ихтиёрига деярли ҳар ойда очлик намойиши ўтказаётган маҳбуслар суратлари келиб тушади.

Шу йилнинг бошида содир бўлган тўқнашувда тўрт маҳбус ҳалок бўлган 20 нафар полиция ходими дохил 33 инсон яраланган. Тасдиқланмаган хабарларда маҳбусларнинг тиббий хизматдан қониқмай, норозилик билдиргани таъкидланади. Бироқ Афғонистон Ички ишлар вазирлиги Би-би-сига ўша вақтда соқчилар наркотик моддаларга нисбатан текширув ўтказгани ва бундай моддалар билан яширин савдо қилувчи маҳбуслар бу тўполонни қасддан келтириб чиқарганини билдирди.

Шундай бўлсада, Афғонистон президенти Ашраф Ғани жорий йилнинг июнь ойида 887 нафар Толибон маҳбус Пули Чархий ва мамлакатнинг бошқа қамоқхоналаридан озод этилишини эълон қилган эди.

Афғонистон президенти Ҳайит байрами арафасида ўнлаб маҳбусларни озодликка чиқариши одатий ҳолга айланган, аммо бундай миқдордаги Толибон аъзосини озод этиш режасини таҳлилчилар АҚШ билан бўлиб ўтган тинчлик музокараларидан четлатиб қўйилган Афғон ҳукуматининг ўз кучини кўрсатиб қўйиш йўлидаги уриниши сифатида кўрмоқда.

Толибон жорий Афғон ҳукумати қонунийлигини тан олмай, у билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб боришдан бош тортиб келади.

Борийнинг қамоқ муддати икки йилдан сўнг ниҳоясига етади. У озодликка чиққач, яна жиҳодни давом эттиражагини таъкидлайди.

Qari Sayed Muhammed with his daughters
Image captionҚори Сайид Муҳаммад қизлари билан

«Бу ердан чиққанимдан сўнг яна сафдошларимга қўшиламан. Олдин жиҳод қилишга қатъиятим 20 фоиз бўлган бўлса, энди муқаддас уруш олиб бориш ва ватанимни муҳофаза қилишга бўлган қатъийлигим 100 фоиздир».

Унинг собиқ камерадоши Қори Саид Муҳаммад президент афви билан озод этилган ва ҳозирда Толибон назорати остидаги ҳудудда жойлашган уйида яшамоқда.

Толибон ҳудуди

Балхлик Қори Саид Муҳаммад 32 ёшда. У Пули Чархийда олти йил умрини ўтказган.

У қамоқдалик пайтида акаси ва отаси ўлдириб кетилган. Ҳозирда Муҳаммад оиланинг омон қолган ягона эркагидир.

У ўзи билан бирга озод этилган маҳбусларнинг бари қайта Толибонга бориб қўшилганига ишонади.

"Озод этилган маҳбусларнинг 95 фоизи Толибонга қўшилгани ва уларнинг аксарияти жангда ҳалок бўлганига ишонаман", дейди уйга қайтганига энди 20 кун бўлган йигит.

Муҳаммад 18 ёшида илк бор Толибон аъзосига айлангани ҳақида сўзлайди. У полиция зуғумидан қочиб, 15 дўсти билан бирга Толибонга бориб қўшилганини ҳикоя қилади.

«Зуғумлар қишлоқдаги ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган. Полиция қишлоққа келиб, бизни таҳқирлар эди. Шунда, полиция бизни бирор айбсиз барибир ҳибсга олиши мумкин экан, демак ўз тақдиримизни ўзимиз белгилашимиз лозим, дея ўйлаганмиз».

Бир қанча инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Афғон полицияси орасида зўравонлик ва коррупция кенг тарқалганини эътироф этади.

Афғон ёшларини Толибонга қўшилишга ундовчи сабаблар бисёр. Тинимсиз отишмалар ва тартибсиз ёғдирилган бомбалардан норозилик, ишсизлик, қуроллар, машиналар ва ўқ-дориларни қўлга киритиб, кейинчалик сотиш иштиёқи ҳамда атрофдагиларнинг ундови шулар жумласидандир.

Муҳаммаднинг Толибон сафидаги илк вазифаларидан бири мажбурий солиқларни ундириш бўлган. У олти ёки ундан камроқ сафдоши билан мототциклга ўтириб, Толибон ҳудудида афюн етиштирувчи фермерлардан солиқларни йиғиб олишга қатнаган.

Оддий аскар сифатида у раҳбарларнинг аниқ занжири кўрсатмаларини қулоқ қоқмай бажарар эди. Вилоят ҳокими ўзининг ҳарбий командирига буйруқ берар, командир ўз муовинига, муовин эса бир қанча лейтенантларга буйруқни етказар ва пировардида Муҳаммад буйруқни бажарар эди.

У Толибондан қилган ишлари учун ҳеч қандай маош олмагани, лекин унинг ўқ-доридан тортиб, озиқ-овқат ва мобил алоқага қадар бўлган барча харажатлари қоплаб берилгани ҳақида сўзлайди.

Муҳаммад уч йиллик хизматдан сўнг мамлакат бўйлаб уруш оловлари кучайиб бораётганини ҳис қилган ва у борган сари Толибоннинг барча хорижий кучларга қарши эълон қилган жиҳодини қаттиқ қўллай бошлаган.

«21 ёшда эдим. Елкамга қуролимни осиб олиб, жангга кираётганим ва кофирларни қираётганим ҳақида ўйлар эдим. Бу ўй умримнинг сўнггига қадар мен билан қолади», таъкидлайди у.

У жанглардан бирида ҳалок бўлсам, оиламнинг ҳоли не кечади, деган савол пайдо бўлганда, ўзининг диний бурчини адо этиш йўлида шаҳид кетишини ўйлаб, кўнглига тасалли беришини айтади.

У жанговар бўлинмаси билан пистирмага дуч келгани ва ўқ ёмғири остида қолганини ҳикоя қилиб беради.

«Бундай вазиятларда миянгиз фавқулодда тез ишлай бошлайди. Уйимга нима бўлади? Болаларимнинг ҳоли энди қандай кечади? Аёлим энди нима қилади? Миянгиз шундай саволларга кўмилиб кетади. Бундай пайтда шайтон сизни чалғитиб, оилангиз ҳақида кўпроқ ўйлашга ундайди. Бироқ мен ўшанда бор диққатимни Аллоҳга хизмат қилаётганимга қаратишга уринганман».

Муҳаммад 2013 йилда Афғон хавфсизлик хизматлари томонидан қўлга олиниб, Пули Чархийга юборилган.

У ёшлигида ўзи билан бирга Толибонга қўшилган 15 дўстидан атиги икки нафари ҳозирда ҳаёт эканига ишонади.

Ҳукумат ҳудуди

Ўнлаб йиллар давом этган уруш ортидан Афғонистон ҳудудлари турли кучлар томонидан қўлга олиниб, гўё ямоқ кўрпага ўхшаб қолган.

Ҳукумат мамлакатнинг атиги 20-30 фоиз қисмини назорат қилади. Толибон эса, бугунги кунда, 2001 йилдан буён энг кўп ҳудудни бошқаради ёки бошқарувга даъвогарлик қилади.

Афғон ёшлари учун келажакни яхшилашга имкониятлар жуда кам. Шу сабабдан уларнинг аксарияти урушга қўшилишдан бошқа илож йўқ, деб ҳисоблайди. Бироқ туғилган макон ҳам кишининг кимнинг тарафида жанг қилишини ҳал қилиши мумкин.

Шарқий Афғонистонда жойлашган Нангарҳар вилоятида яшовчи Неъматуллоҳ 24 ёшга тўлганда, ўз ҳаётини Афғон Миллий Армиясига бағишлашга қарор қилган.

Унинг ҳикояси тартибсизлик ҳукмрон мамлакат ҳукуматида мавжуд асл вазиятдан далолат беради.

Ҳукумат армияси сафида уч йиллик хизматдан сўнг Неъматуллоҳ ва унинг бўлинмаси Ўрузгон вилоятидаги тоғли Чинарту туманига юборилади.

Ҳудудда Толибоннинг кичик қуролли бўлинмалари билан тез-тез тўқнашувлар содир бўлиб турар эди.

Шундай жангларнинг бири узоқ давом этиб, ўқи тугаб қолган Неъматуллоҳ ва унинг сафдошлари Толибон томонидан асир олинади.

Орадан бир неча кун ўтгачгина Афғонистон Мудофаа вазирлиги расмийлари Неъматуллоҳнинг оиласи билан боғланиб, уларга йигитнинг жасадини ўликхонадан олиб кетишлари зарурлигини билдиради.

Оила ҳамма ери маҳкамлаб ташланган тобутни қабул қилиб олади ва Неъматуллоҳнинг дафн маросимини ўтказади. Расмийлар жасад таниб бўлмайдиган аҳволга келиб қолганидан, тобутни очиб бўлмаслигини айтадилар.

18 ой давомида оила қабрни зиёрат қилиб туради.

Ўрузгонда эса Неъматуллоҳ ва яна 54 маҳбус тоғларни ўйиб ишланган ғорлар тизимидаги ҳибсхонада сақланаётган эди.

У бир ярим йил мобайнида полиция ва армия хизматчилари бўлган маҳкумлар билан бирга қамоқда ётади.

Неъматуллоҳ толиблар маҳкумларга жуда оз овқат берганини эслайди. Ҳар куни давом этувчи бир хиллик эса очликдан кўра азоблироқ эди.

Тунларнинг бирида эса тўсатдан бошланган портлашлар оғир сукунатни бузиб юборади.

Ҳаво ҳужуми оқибатида қамоқхонада ағдар-тўнтар бўлади ва маҳбуслар қочишга тушадилар.

Озодликка чиққач, Неъматуллоҳнинг биринчи иши отаси сим қоқиш бўлган.

«Отамга қўнғироқ қилиб, бу мен Неъматман, дедим. У қайси Неъмат, деб сўради. Ўғлингиз - жавоб бердим мен. У сўзларимга ишонмади».

У бир неча селфи сурат юборгачгина, отаси ўғлининг тирик эканига амин бўлади.

Неъматуллоҳ уйига қайтиши билан қишлоқда катта байрамга айланиб кетади. Бироқ у хурсандчиликка шерик бўлишдан аввал оиласи дафн этган номаълум аскар қабрини зиёрат қилади.

Nematullah at the unnamed soldier's grave
Image captionНеъматуллоҳ номаълум аскар қабри устида тиловат қилмоқда

Афғон армиясида ҳалок бўлган аскарлар шахсини бундай чалкаштириб юбориш камёб ҳолат эмас - Би-би-си шундай ҳолатларнинг бир қанчасидан хабар топди, лекин Афғон ҳукумати бу борада изоҳ беришдан бош тортди.

Неъматуллоҳ эса асирликда бошига тушган кўргиликларга қарамай, ватанига хизмат қилиш аҳдида қатъий эканини таъкидлайди.

Тинчликнинг баҳоси

Ўнлаб йиллар давом этган уруш Афғонистондаги ижтимоий ҳаётни анчайин фалажлаб қўйган. Жамиятнинг аёллар ва болалар каби ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами эса бундан энг кўп жабр кўрган.

Сайланган Афғон ҳукумати назорати остидаги шаҳарлар ҳаёти эса Толибон бошқаруви давридагидан кескин ўзгарган. Хавфсизлик даражаси нисбатан яхшиланган, хотин-қизлар эса мактаб ва ишга қатнай бошлаган.

Толибон бошқаруви остида бунинг мутлақо имкони йўқ эди.

Ёш қизлар орасидаги саводхонлик даражаси 37 фоизга етган. Шундай бўлсада, Афғонистон саводхонлик даражаси энг паст мамлакатлар ичида қолмоқда.

Аксар афғонистонликлар Толибон қайта қудратга тўлса, эркинлик янада чекланиши мумкинлигидан хавотир билдиради.

«Бундан, айниқса, аёллар зарар кўради. Толиблар бизнинг ўқишимиз ёки ишлашимизни тақиқлаб қўяди», таъкидлайди Кобул шимолида истиқомат қилувчи 30 яшар ўқитувчи аёл Наргис.

Толибон аёллар ҳуқуқини ҳурмат қилишга бел боғлаганини таъкидласада, кўпчилик инсонлар бунга ишонмайди.

Наргис шундай инсонлардан биридир.

"Толибон ўзгарган, деб ўйлолмайман. Чунки улар тинчлик ҳақида бонг ураётган пайтда, портлашлар, мусулмон акаларимиз ва оналаримизни ўлдиришлар давом этмоқда. Бу қандай ўзгариш бўлиши мумкин?"

Наргис Толибоннинг қудратга келиши туфайли болалигида етарлича таълим ололмаганини иддао қилади.

"Толибон келганда, тўртинчи синфда ўқир эдим. Жанглар бошланиб, мактаблар ёпилган эди. Қизларни уйдан чиқармай қўйишганди. Мажбуран ҳижобга киритилганимда тўққиз ё ўн ёшда эдим. Сўнг оиламиз Покистонга кўчиб ўтди. Ортга қайтганимдан кейин ватанимда анча нарсадан мосуво бўлганимни англаб етдим", ҳикоя қилади у.

У мактабга қатнай бошлаган саккиз яшар қизи Соланинг бошига бундай кунлар тушишига йўл қўймасликка қатъий бел боғлаган.

Жажжи Сола урушнинг қандай даҳшатли бўлиши мумкинлигини яхши билади. У яқинда бир Толибон худкушининг ўзини портлатиб юборишига гувоҳ бўлган.

«Бомба қандай портлагани, ёш одамлар қандай қурбон бўлганини ўз кўзим билан кўрдим. Жуда қўрқиб кетиб, йиғлай бошладим. Онам мени қаттиқ қучоқлаб, таксида уйга олиб келди», сўзлайди у.

Nargis (R) and Sola (C)
Image captionНаргиз (ўнгда) қизи (ўртада) ва келини Шакира билан

Афғонларнинг ягона умиди - тинчлик ўрнатилиши.

Аммо АҚШ, Толибон ва Афғон ҳукуматини бир стол атрофига ўтқазиш анчайин мушкул вазифадек кўринади.

Афғон ҳукумати агар барча томонлар бир ойлик оташкесим ўрнатишга рози бўлсагина, Толибон билан музокараларга киришишга рози бўлажагини таъкидлайди. Ўз навбатида, Толибон ҳукумат билан гаплашишдан аввал барча хорижий қуролли кучларнинг мамлакатдан олиб чиқиб кетилишини талаб этади.

Шунинг учун ҳам Наргис каби оддий фуқаролар бирор ижобий ўзгаришдан умид қилмайди.

Graffiti of guns and hearts in Afghanistan
Image captionАфғон урушида юз минглаб инсонлар қурбон бўлишган

«Тинчлик ўрнатилади, деб ўйламайман. Афғонистон ҳар ким ҳар томонга тортқилайдиган кийимга айланди. Ким дўст, ким душман эканини билиш ҳам қийин бўлиб қолди», сўзлайди у.

"Ҳокимиятга ким келмасин - америкаликларми, Толибонми ё ҳукумат - ягона талабимиз - тинчлик".

Айрим исмлар ўзгартирилган.


Манба: bbc.com



Munosabat bildirmoq


Back to the list