Цветные революции и НПО
  • Bosh (sahifa)
  • Xabardor boling
  • Yangiliklar
  • Тунис янги «Араб баҳори» ёқасидами? Мухолифат президентни узурпаторликда айбламоқда

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Тунис янги «Араб баҳори» ёқасидами? Мухолифат президентни узурпаторликда айбламоқда

198

Тунис президенти Қайс Саид парламент фаолияти тўхтатилиши муддатини яна бир бор узайтирди, шу билан бир вақтда айрим депутатлар дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум бўлган.

Тунисликлар бу қадамни ҳокимиятни бир қўлда жамлаш истаги ва мамлакатдаги демократия пойдеворларига тажовуз сифатида кўришмоқда.

Минглаб кишилар мамлакат пойтахти кўчаларида намойишларга чиқишган, уларнинг қўлларида «Давлат тўнтариши» ва «Демократиямизни қутқарамиз» ёзувлари битилган плакатларни кўриш мумкин.

Мухолифат Тунисда 2010-11 йилларда «Араб баҳори» (кейинроқ Шимолий Африка ва Яқин Шарқ бўйлаб тарқалган норозилик намойишлари тўлқини) нимадан бошланганини ёдга олишга чақирмоқда.

Ҳозирги зиддият тарихи

Тунис парламенти 25 июлдан буён ишламаяпти. Ўшанда ҳукуматдаги қатор юқори мартабали амалдорлар ишдан бўшатилди, хусусан бош вазирнинг ўзи ҳам ҳукуматдан четлатилди.

Бунгача мамлакатнинг йирик шаҳарларида минглаб тунисликлар намойишларга чиқиб, коронавирус пандемиясига қарши курашдаги хатолар учун айбдор бўлган амалдорларни жавобгарликка тортиш ҳамда Халқ вакиллари ассамблеясини (бир палатали парламент) тарқатиб юборишни талаб қилишди.

Қайс Саид ўшанда ҳукуматга янги раҳбар тайинлаб, унинг ёрдамида кун тартибидаги муаммолар билан шуғулланишини айтганди. Аммо Тунисдаги сиёсий кучлар президентнинг ҳаракатларини давлат тўнтариши ва диктатура сари қадам деб баҳолади.

Ҳатто Тунис парламенти спикери, «Ан-Наҳда» (Уйғониш) партияси раҳбари Рашид ал-Ганнуший Саидни халқ талабларини баҳона қилган ҳолда онгли равишда ўзи ҳам ҳаммуаллиф бўлган конституцияни бузгани ҳақида айтганди. У президентни давлат тўнтаришига уринишда айблади ва шундан кейин Тунис мухолифатига бошчилик қила бошлади.

2011 йилги инқилобдан кейин Саид янги конституция лойиҳасини тайёрлаш бўйича экспертлар қўмитаси таркибига кирганди, бу лойиҳа 2014 йилга келиб қабул қилинади.

Айнан шу даврдаги фаолияти унга 2019 йилги президентлик сайловларида ғолиб бўлишда ёрдам берганди, ўшанда у сайловларда мустақил номзод сифатида иштирок этган.

Бу абсолютизм сари йўлми?
Август ойида парламент фаолиятини давом эттириши масаласи кўриб чиқилди, аммо президент аввалги қарорини кучда қолдирди.

Ҳозир у яна парламент фаолиятини тиклашдан бош тортмоқда, фақат яқин орада мамлакатда сиёсий ислоҳотлар амалга оширилишини айтиш билан кифояланмоқда. У назарда тутган ислоҳотлар тафсилотлари маълум қилинмаган, аммо Тунисдаги манбаларнинг айтишича, гап президентга чекланмаган ваколатлар тақдим этувчи қандайдир декрет ҳақида кетмоқда.

Экспертларнинг сўзларига кўра, мамлакатда айни вақтда президент маъмуриятидаги тор доира қўлида мисли кўрилмаган даражада ҳокимият тўпланиши кузатилмоқда, ҳукумат ва парламент заифлашгандан заифлашмоқда.

Аммо ўтмишда ҳуқуқ профессори бўлган Қайс Саид Тунис Конституциясининг 80-моддасига таянади, бу модда президентга мамлакат бирлиги, хавфсизлиги ва мустақиллиги учун хавф юзага келганида фавқулодда чоралар кўриш ваколатини тақдим этади.

«Мен бир неча ой олдин қабул қилишим керак бўлган қарорни қабул қилдим: парламентнинг барча функцияларини тўхтатдим. Мамлакат конституцияси парламентни тарқатишга йўл қўймайди, лекин унинг фаолиятини музлатиб қўйишни тақиқламайди», деганди у июль ойидаги қарорини изоҳлаб.

Лекин у июль ойи охиридан буён у хавфни айнан нималарда кўрганини изоҳламаган.

Мухолифат раҳбари Рашид Ал-Ганнуший чоршанба куни Қайс Саиднинг ҳаракатлари қонун устуворлигига путур етказиши ва мамлакатдаги барқарорликка таҳдид солиши ҳақида гапирди. У мухолифат бўлаётган воқеаларга жим қараб турмаслигидан огоҳлантирди.

«Араб баҳори»нинг муваффақиятли намунаси
Тунисдаги 2011 йилги инқилоб «Араб баҳори»даги энг муваффақиятли эпизод саналади.

Мамлакатнинг ўша вақтдаги президенти Зин ал-Обидин Бин Али умуммиллий намойишлар тўлқини вақтида истеъфога чиқади, унинг ўрнига мамлакатни ривожлантириш учун демократик йўлни танлаган сиёсатчилар келишади.

Зин ал-Обидин Бин Али 1987 йилдан буён Тунисни бошқариб келган, унинг бошқаруви даврида коррупция ва ишсизлик даражаси кескин кўтарилган, иқтисодий вазият оғирлашган, бошқа сиёсий партиялар амалда бошқарувда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлганди.

2010 йил декабрида мева ва сабзавот сотувчи савдогар маҳсулотлари ҳукумат томонидан мусодара қилингач, ўзини намойишкорона ёқиб юбориши кенг кўламли намойишлар бошланишига туртки берганди.

Янги ҳукумат даврида иқтисодий кўрсаткичлар сезиларли даражада ўсишга эришди. Бойлар ва камбағаллар ўртасидаги фарқ қисқарди. Шимолий Африкадаги ушбу давлатнинг терроризмга қарши курашдаги муваффақиятлари бутун дунё томонидан эътироф этилди.

Қайс Саид 2019 йил октябридаги сайловларнинг иккинчи босқичида 72 фоиз овоз билан ғалаба қозонган. У бир неча марта диктатурадан нафратланиши ва сиёсий плюрализмни энг тўғри тизим деб билиши ҳақида гапирганди.

Айни вақтда 63 ёшда бўлган сиёсатчи бирор партияга мансуб эмас, у сайлов кампаниясини бюджет маблағлари ва оммавий митингларсиз олиб борган, мамлакат шаҳарларидаги кафеларда, бозорларда, ижтимоий тармоқларда ташвиқот ўтказган. Financial Times уни популист деб атаган. Al Jazeera унинг ғалабасини ҳуқуқшунос профессорнинг бирорта сиёсий гуруҳга алоқаси бўлмагани билан изоҳлаган.

Сайловолди даврда Саид ҳокимиятни марказлашмаган тизимга ўтказиш ва сайловни ислоҳ қилишни қўллаб-қувватлаган, хусусан, у тўғридан тўғри парламент сайловлари ўрнига, кўп босқичли тизимни таклиф қилган, унинг доирасида фуқаролар томонидан маҳаллий кенгашларга вакиллар сайланиши, улар эса вилоят ва республика депутатларини сайлаши назарда тутилган. Саид террорчиларга қарши ўлим жазоси тайинлаш ва гомосексуалларни жиноий жавобгарликка тортиш тарафдори сифатида танилган, у эркаклар ва аёлларни мерос ҳуқуқларида тенглаштиришга қарши чиққан.


Манба: kun.uz


Munosabat bildirmoq


Back to the list