Dolzarb!
  • Bosh (sahifa)
  • Xabardor boling
  • Yangiliklar
  • «Қўлларни чопиб ташлаш хавфсизликни таъминлаш учун зарур». «Толибон» Афғонистонда жисмоний жазоларни қайтадан жорий қилмоқчи

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

«Қўлларни чопиб ташлаш хавфсизликни таъминлаш учун зарур». «Толибон» Афғонистонда жисмоний жазоларни қайтадан жорий қилмоқчи

9

Афғонистонда ҳокимият тепасига қайтиб келган «Толибон» ҳаракати жисмоний жазолар амалиётини қайтадан жорий қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Толибон» асосчиларидан бири мулла Нуриддин Туробий Associated Press’га берган интервьюсида маълум қилган, деб ёзади Meduza.

«Толибон»нинг Афғонистондаги аввалги ҳукмронлиги даврида (1996—2001 йиллар) улар стадионларда жисмоний жазолар ва оммавий қатлларни амалга оширар эди. Масалан, ўғриликда айбланганларнинг қўли кесиб ташланган, қотиллар эса ўз қурбонларининг қариндошлари томонидан калласидан отиб ташланган.

Толибларнинг аввалги ҳукмронлиги вақтида Фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатларни йўқотиш вазирлиги (диний полиция ролини бажарган)ни бошқарган Туробий айтишича, Афғонистонда жисмоний жазолар қайта амалиётга киритилади. Аммо уларнинг омма олдида амалга оширилиши юзасидан қарор қабул қилинганича йўқ.

«Қўлларни чопиш хавфсизлик таъминлаш учун зарур», — деди Туробий бу тийиб туриш хусусиятига эга эканини таъкидлаб.

«Стадионларда амалга оширилган жазолар учун бизни ҳам танқид қиларди, аммо биз уларнинг қонунлари ва жазолари ҳақида ҳеч қачон ҳеч нарса демаганмиз. Бизнинг қонунларимиз қанақа бўлиши кераклигини ҳеч ким бизга ўргата олмайди. Биз исломга амал қилиб, ўз қонунларимизни Қуръон асосида ўрнатамиз», — деди Туробий.

Кейинроқ ОАВларда «Толибон» ҳаракати Ҳирот вилоятида одамларни ўғирлаб кетишда айбланган тўрт кишини қатл қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Associated Press маълумотларига кўра, толиблар эркакларни аввал отиб ташлаб, сўнг уларнинг жасадларини намойишкорона тарзда осиб қўйган.

Ҳиротдаги туман полицияси бошлиғи маълум қилишича, «Толибон» аъзолари ўғирлаб кетилган ота ва ўғилни қутқарган. Отишма чоғида толиблардан бир киши ва бир нафар тинч аҳоли вакили яраланган, ўғриларнинг тўрталаси ҳам ўлдирилган.

Сентябрь ўрталарида «Толибон» хавфсизлик хизмати Мозори Шариф шаҳрида болалар ўғрилари гуруҳини қатл қилиб, тўрт нафар ёш болани озод этганини эълон қилган эди. Ўшанда афғонистонликлар ижтимоий тармоқларга жойлаётган видеоларда мамлакатнинг турли ҳудудларида одамларнинг ўғирлаб кетилиши ва жазоланиши ҳолатларини кўриш мумкин эди. Аёлларни омма олдида дўппослаш ҳолатлари ҳам бошлангани айтилганди. Аммо ушбу воқеаларни изоҳловчи расмий хабарлар берилмаган эди.


Манба: daryo.uz


Munosabat bildirmoq


Back to the list